Sadece Litres-də oxuyun

Kitab fayl olaraq yüklənə bilməz, yalnız mobil tətbiq və ya onlayn olaraq veb saytımızda oxuna bilər.

Kitabı oxu: «Қасоскор қашқирлар 2-китоб»

Şrift:

Ҳамид ўйлаб-ўйлаб, ўғирликни ёлғиз ўзи амалга оширолмаслигига иқрор бўлди. Ҳовлида ўзидан ташқари Витя ва Володя исмли хизматкорлар ҳам туришарди. Уларнинг ётиб-турадиган кулбаси, овқатланадиган жойи Барон ётадиган хонанинг қарама-қарши томонидаги пастаккина уйча эди. Бу бинонинг қачон ва ким томонидан қурилганини ҳатто кекса лўлининг ўзи ҳам билмасди. Болалиги қийшайиб, сувоқлари кўчиб, томидаги шиферлари эскириб, қорайиб кетган мана шу кўримсизгина бинода ўтган. Лўли чол ёши улғайиб, қўлига пул тушгач, унинг рўпарасига ўзи учун янги уй қурдирдию, бироқ эскисини бузмади. Володя билан Витя пешоналарига шундай омонат кулба битганидан кўп шикоят қилишарди. «Ишқилиб ер силкинмасинда, қаттиқроқ момақалдироқ гумбирламасинда», деб бир-бирларига шикоят ҳам қилиб қўйишарди. Афсуски, улар ўз норозиликларини хўжайинларига изҳор қилишолмасди. Уларнинг том босиб қолишидан ҳамиша қаттиқ ҳавотирга тушишаётганини Ҳамид сезарди. Гоҳида ошкора, гоҳида пинҳона шерикларини молхонадан фарқи қолмаган уйчада яшаётганларидан афсусланиб ҳам қўярди.

Бароннинг уйда йўқлигида уччалалари дастурхон устида тўпланиб қолишарди. Володя билан Витя хўжайинлари томонидан тўланаётган иш ҳақининг камлигидан кўп бор нолишганини эшитган. «Барон уларнинг кўнглини оғритибдими, демак, улар менга шерик бўлиши мумкин», деб ўйларди.

Барон қандайдир иш билан кўчага чиқиб кетган куни улар дастурхон атрофида тўпланишди. Ҳамид дўкондан бир шиша арақ олиб келди. Ҳамхоналарини сийлаш, шу мақсадда кўнглидаги гапларни уларга гапириб беришни мақсад қилганди. Учовлон маза қилиб ичишди. Бироз кайфлари ошди. Ҳамид мақсадини айтиш мавриди келганини сезди.

– Хўжайиннинг пуллари қаерда туришини биламан, – деди у худди ёш болалардек мақтаниб. Бу гапдан шерикларининг қулоғи динг бўлди, ҳушёр тортишди ва унга бақрайиб қарашди.

– Қаерда? – Володянинг овозидан ҳам ҳайратлангани, ҳам қизиққани билинди. Витянинг арақ қиздирган юрагига чўғ тушди. Икковлари Ҳамидга яқинроқ сурилишди ва юқоридаги саволга жавоб олиш мақсадида ичкиликдан сузилган кўзларини унга қадашди.

– Буниси сир, аммо сизлар хўжайиннинг қанча пули борлигини биласизларми?

– Йўқ! – дейишди шериклари бараварига. Пул ҳақидаги хабар уларнинг қизиқишларини янада кучайтирганди.

– Мен биламан… – Ҳамид ҳар бир сўзи билан уларни ўзига ром айларди. Володя билан Витянинг кайфлари янгиликни эшитган заҳотиёқ тарқаб кетганди. Сеҳрланган одамдек Ҳамиднинг оғзига тикилиб туришарди. Лекин у сирни фош қилишга у қадар шошилмади.

– Қанча пули бор? – Володянинг сабри чидамай сўради.

Ҳамид дўстларининг елкасига қўлини ташлаб, ниҳоят сирни очди.

– Бир қоп!

– Йўғ-е!

– Олиб қоч-а!

– Гапим ёлғон бўлса, Худо урсин! Ўша пулларни ўзим елкамда кўтариб келдим! Елкам шилиниб кетди! – Ҳамид шерикларини ишонтириш мақсадида кўйлагини ечди. Ҳақиқатдан ҳам офтоб тегмаган оппоқ елкасининг чап томони бироз қизариб кетганди. – Ишонмасаларинг қасам ичишим мумкин!

– Ишондик, – деди Витя. – Хўжайин пулларни қаерга беркитган?

Ҳамид Бароннинг хонасига қараб қўйди. Шериклари унинг ишорасини тушунишди.

– Пулни кўтариб келган куним, Барон остонада мени қолдирди. Ўзи қопни кўтариб ичкарига кириб кетди. Деразадан мўраладим, шунда яширган жойини кўриб қолдим. Худди банкнинг темир сандиғига ўхшайди. У ерда яна шунча пули бор экан!

Володя типирчилаб қолди.

– Ўғирлаймиз, – деди шерикларига юзланиб.

– Барон хитланиб қолса, бирортамизни соғ қўймайди. – деди Витя. – Уни узоқроққа кетишини кутишимиз керак.

– Яқин орада ҳеч қаерга бормайди. – деди Володя. – Ахир Москвадан кеча келди.

– Аввал режа тузишимиз керак! – деди Ҳамид овозини гўё биров эшитиб қоладигандек пасайтириб. – Бунинг учун камида бир ҳафта кутамиз.

– Бир ҳафта узоқ, пулларни ишлатиб қўйиши мумкин…

– Ишлатмайди, Барон ҳеч қачон нақд пулга савдо қилмайди. Иннайкейин у ердаги пулларни ишлатгани билан тугаб ҳам қолмайди.

– Дўстларим, – деди Володя шерикларига ўйноқи кўзларини жовдиратиб. – Ҳеч эътибор бердиларингми, яқиндан бери лўлининг юриш-туриши ўзгариб қолди. Хаёли ҳам ўзида эмас. Ниманидир ўйлайди, кўп чекади, безовта. Уйда ҳам кам бўляпти!

– Бирорта фирибгар чув туширгандир-да, – фикр билдирди Витя. – Зарарга ишласа, қовоғидан қор ёғади.

– Барон яқин кунлар ичида қайсидир лўлининг туғилган кунига боради. Ўша ерда қолиб кетса ажаб эмас, – гапга қўшилди Ҳамид.

– Қайдан била қолдинг?

– Телефонда гаплашаётгани қулоғимга чалиниб қолди.

– Яхши имконият!

Шундан сўнг улар режа тузишди. Ичкарига ким кириши, пулни олиб чиққанларидан сўнг қаерга қочишни келишиб олишди. Ниҳоят, бўлиб ўтган гап-сўзлар сир сақланишига қасам ичиб тарқалишди.

* * *

Москвалик лўлилар Баронни иззат-икром билан кутиб олишди. Бу унинг тадбиркор бўлиб, катта маблағ эгаси бўлганлиги учун эмас, балки, лўлилар орасидаги мавқе ва ҳурмати баландлиги боис, кўрсатилган илтифот эди. Унинг ташрифи шарофатига шаҳарнинг каттагина ресторанида зиёфат уюштирилди. Меҳмондорчиликка бообрў, бойбадавлат лўлилар жамланишди.

Барон кейинги икки йил давомида «лўлилар жамғармаси»га бирор тийин ҳам ўтказмай қўйганди. Бу унинг хасислашиб кетганидан эмас, балки қадрдонлари билан, қолаверса, ўзларининг оғир кунларида кор келиб қолиши мумкин бўлган жамият ўртасидаги масофанинг олислашиб кетганидан эди. Барон ишларининг юришиб кетганидан дўстларини унутиб қўйганини яширмади. Ва бунинг учун улар олдида қарздор эканлигини айтиб, узр сўради. Икки йил давомида жамиятга ўтказиши лозим бўлган маблағни ҳамманинг кўз олдида стол устига ташлади. Унинг бу олийжаноблиги олқишлар билан кутиб олинди. Барон дўстлари билан узилиб қолган эски алоқани тиклашга, қолаверса, улар билан ҳамкорлик қилишга ваъда берди. Унинг ҳар бир сўзи лўлилар томонидан қарсаклар билан кутиб олинди ва шаънига энг яхши тилаклар ёғдирилди. Москвалик лўлилар Баронни қандай иззатикром билан кутиб олишган бўлишса, ҳурматини жойига қўйган ҳолда кузатиб қўйишди.

Барон уйига келгунча ўз миллатдошлари билан бўлган учрашувни унутолмади. Юрагининг бир четида уларга бўлган самимий ҳурмат ва меҳрмуҳаббат сақланиб қолди. Уйида бошига қайғу ва ғам соя ташлашини хаёлига келтирмаганди. Юзлари қорайиб, эти суягига ёпишиб қолган қизи ўзини отасининг бағрига отиб, уввос солиб йиғлаб юборди. Барон буни соғинчга йўйди ва оталарча меҳр билан қизининг қунғир сочларини силаб, қучоғига олиб, юпатган бўлди.

– Мен қайтдим, оппоғим, яна ёнингдаман, – деди қизининг кўз ёшларини артар экан ва бирдан Алёнанинг қизариб кетган кўзларига соғинч-у меҳр эмас, балки оғир мусибат соя ташлаганини оталарга хос сезги билан пайқаб қолди…

– Не бўлди сенга, оппоғим? – Бароннинг юраги ортга тортиб, вужуди титраб кетди.

– Одам ўлдирдим, ота? – ғамғин овозда шивирлади Алёна. – Маҳмудни отиб қўйдим…

– Қачон? Нега? – отанинг овози ҳам титраб чиқди.

– Кеча, – деди қиз Бароннинг кўксидан бошини кўтарар экан. – Мени милиция қидиряпти.

– Қани, ичкарига кирайлик, оппоғим. Нима ишлар бўлганини менга бир бошдан тушунтириб бер!

Ичкарига киришди. Алёна бўлиб ўтган воқеаларни рўйи-рост гапириб берди. Ота унинг сўзларини бош эгиб, ғамга ботиб, гоҳи гоҳида оҳ уриб тинглади.

– Келишимни кутсанг бўларди-ку, оппоғим? У ярамас билан қандай муомала қилишни мен яхши билардим. Керак бўлса ўзим мана шу қўлларим билан бўғиб ўлдирардим.

Алёна отасининг елкасига бошини қўйиб ғамғин оҳангда сўради:

– Энди мени қамашади, ота…

– Ташвишланма, оппоғим. Бир иложини қиламиз. Мени Барон дейишади. Сени турмада ўтиришинг мен учун номус.

Чол ўйга толди.

Алёна йигирма йил ота бағрида яшади. Барон уни камситмади. Ҳам оталик, ҳам оналик меҳрини бериб тарбияладн У қизига шу қадар ўрганиб қолганди-ки, ўзини Алёнасиз бир сония ҳам бахтли ҳис этолмасди. Қаерга бормасин, ўзининг қадрдон дўстлари даврасими, базм-жамшидлардами қизига бўлган соғинч ва меҳр бир зум ҳам унинг юрагини тарк этмасди. Қадаҳ кўтараётганда, аввало, қизининг соғлиги учун ичарди. Энди уни турмада ўтиришига қандай чидайди? Бароннинг юраги бундай айрилиққа дош бера оладими?

Барон юрагини сиқиб, кўз олдига қоронғулик пардасини ташлаётган ғамни оҳ уриш билан бўшатди. У ўрнидан турар экан, қизининг ҳам билагидан тутиб, унинг туришига ёрдамлашди. Кўзига Алёна бир неча кун ичидаёқ сарвдек қомати букилиб, гулдек юзи сўлиб қолгандек кўринди.

– Ўзингни қўлга ол, қизим, мен тирик эканман, сени ҳеч ким қамоққа тиқолмайди. Юрагингдаги қўрқув ва ваҳималар ўрнини шодлик қувончга бўшат. Илгари қандай яшаган бўлсанг, шундай яша. Мен ўзимнинг нимага қодирлигимни кўрсатаман! Сендан илтимос, ҳозирча ҳеч кимнинг кўзига кўринма. Яхшиси дала – ҳовлимизга жўна. У ерга ҳеч ким сени излаб бормайди.

– Яхши, ота, – деди Алёна. – Сиз нима қиласиз?

– Мен икки-уч кундан сўнг оллингга ўтаман!

Барон ўз хонасига кириб, кийимларини алмаштириб, ҳамёнини пулга тўлдириб, уйдан чиқиб кетди. Қаерга ва кимнинг олдига кетаётганини, ҳатто қачон қайтишини хизматкорларидан яширди. Кекса лўли Қарагандага йўл солганди. Шаҳарга етиб келганида вақт пешиндан ўтганди. Лўлиларнинг етакчиси шу шаҳарда яшарди. Ёши етмишлардан ўтиб қолган бўлса-да, қадди-қомати барваста, кўринишидан анчагина бақувват бўлган бу одамни Макар, деб аташарди. У ўзини ҳамиша ёшлардек бардам ва тетик олиб юришга одатланганди. Юзининг ярмини эгаллаган оппоқ соқоли кўксига осилиб тушган мўйсафиднинг ўткир кўзлари остона ҳатлаб ўтган Баронни гарчи бир неча йилдан бери кўрмаган бўлса-да, таниди. Мартаба ва ғурури меҳмонни ўрнидан туриб кутиб олишга монеълик қилди. Келгувчи томонидан берилган саломга бош ирғаш билан жавоб қайтарди. Бу ичкарига киришга ҳамда етакчининг қўлини олиб кўришишга берилган изн эди. Барон остонани босиб ўтди. Оралиқ уч-тўрт қадам қолганида Макар чидаб туролмади. Қадрдон дўстини ялпайиб ўтирган ҳолда кутиб олишни ўзининг ахлоқига зид эканлигини тушуниб, ўрнидан турди. Барон эса буни ўзига нисбатан билдирилган ҳурмат ўрнида қабул қилди…

– Тунда тушимда отамни кўргандим, – деди ҳали унга яқинлашмаган Макар. – Бу сенинг ташрифинг бўлса керак, қадрдоним! – Кенг гавдали Макар қўлларини ёйиб, меҳмонни бағрига босди.

– Хуш келибсан, қадрдоним!

– Хушвақт бўл, азизим, Макар!

– Кўришмаганимизга неча йиллар бўлди?

– Бунда менинг гуноҳим кўпроқ, азизим.

Макар дўстини девор вазифасини ўтаб турувчи гуллар олдидаги курсига бошлади. Дастурхон безоғлик эди. Хизматкор кечки таом ҳозирлаб қўйган, бироқ хаёллар уммонига чўмган Макар дастурхонга келишга улгурмаганди. Уй эгаси стаканларга шароб қуйди. Дўстлар бир-бирларининг соғликлари учун қадаҳ кўтаришди.

– Нега бу қадар хомушсан? – ниҳоят сўради уй эгаси меҳмоннинг кўзларига тикилиб.

Савол Бароннинг мақсадини айтишга туртки бўлди. У қизининг бошига тушган савдоларни ётиғи билан гапириб берди.

– Уни қамашган куни мен ўламан, Макар! Биласан, Алёна менинг якка-ю ягонам, овунчоғим, юпанчим, ҳаётим!

– Яхши иш бўлмабди, – деди мезбон бошини чайқаб. Унинг кўзларига ҳам ғам сояси тушганди. – Мендан қандай ёрдам керак?

– Биласанми, – деди Барон бироз жимликдан сўнг. – Болаликдаги Денис исмли дўстимиз бўларди…

– Унинг ўлганига ўн йил бўлди, – Макар меҳмоннинг сўзини кесди.

– Хабарим бор. Дениснинг ўнта қизи бўларди. Улар менинг уйим атрофида улғайиб, кўз олдимда катта бўлишган. Худди кечагидек эсимда, қизларидан бири Алёна билан дугона эди. Иккалалари узукка кўз қўйгандек бир-бирига шу қадар ўхшаш эдиларки, кўпинча ажратолмай қолардим. Адашмасам унинг исми Аниса эди.

– Нима демоқчилигингга тушунмадим? – Макар ҳайрон бўлди.

– Менга ўша қиз керак!

– Ҳозир уларнинг қаерда яшаётганидан бехабарман, азизим. Ахир ёшлар улғайиб, кўпчилиги бизнинг удумларимизни унутиб, ота-боболаримиз эъзозлаб келаётган борди-келдиларни ҳам эсдан чиқариб юборишган. Дунёнинг катта-катта шаҳарларига тарқаб кетишди. Илгарилари кўчада юрсам қаршимдан келаётган миллатдошимнинг кийимидан, юришидан таниб, юрагим шодликларга тўлиб кетарди. Ҳозир эса улар миллий удумларимизни унутишган. Ўзга миллат йигит-қизларига турмушга чиқиб, томирларимиздаги соф лўлилар қонини булғашмоқда. Бу кетишда ер куррасида лўли, деган миллат бадном бўлиши муқаррар.

– Бу биргина сенинг дардинг эмас, Макар. Менинг юрагимни ҳам шу азоблар ўртайди. Сендан яширмайман, Алёнани ҳам чечен йигитига турмушга узатгандим… Кел, бу масала бизнинг дардли азобимиз бўлса-да, ҳозир бир четга суриб турайлик. Менга Анисани топишда ёрдам бер!

Макар жим қолди. Унинг хаёли анча олисларга кетганди.

– Бир-икки кун кутишингга тўғри келади, – деди ниҳоят чуқур ўйга толган лўлилар етакчиси. – Мен суриштирай, бошқа шаҳарлардаги танишларимга хабар берай. Зора, уларни танийдиган одам топилса.

– Кутишга тоқатим ҳам, сабрим ҳам йўқ. Макар. Айтаяпман-ку, қизимнинг ҳаёти хавф остида. Уни милиция қидиряпти. Тутиб кетса, уйим куяди, мен тириклай ўламан. Қамалган одамни чиқариш осон бўлмайди.

– Мени тўғри тушун, азизим, сен учун қўлимдан келган барча ёрдамимни аямайман. Қиз ҳақида хабар топсам, ўша заҳотиёқ сенга етказаман. Ҳозироқ бу ишга киришаман! Сен эса хоҳла, менинг кулбамда тур, хоҳла уйингга жўна!

– Бир соат ҳам бу жойда қололмайман, Макар. Қизимнинг олдида бўлмасам, уни кўрмасам юрагим жойига тушмайди. Назаримда, уни тутиб олишаётгандек.

Барон телефон рақамини қолдирди. Кекса лўлининг бесар юраги қуш мисоли уйига, хатарда яшаётган қизининг ҳузурига талпинарди. Турли ўй ва хавотирлар қарияга тинчлик бермасди. Барон кетиш олдидан ҳамёнидан ўн минг доллар олиб, Макарнинг олдига ташлади. Уй соҳиби бир пулга, бир Баронга қаради-ю, аммо бир сўз айтишга тили айланмади.

* * *

Қоплон Шуҳрат Шарифовични кутишга сабри чидамай, Элёрни Олма-Отага жўнатди.

– Биз боргунча ўша ерда бўл. Мен Шуҳрат Шарифович билан орқангдан етиб бораман! – деди.

Элёр Олма-Отага учиб кетди.

Кечга яқин Шуҳрат ака кириб келди. «Тилла йигит» унга Ҳамиднинг Олма-Отада эканлигини, Анвар уни кўрганини гапириб берди.

– Элёрни ёлғиз жўнатиб, нотўғри қилибсиз. Агар у Анварни таниган бўлса, аллақачон қочиб кетган,деди бош чайқаб кекса изқувар.

– Баронга қўнғироқ қилайми? – ўз хатосини тушуниб етган Қоплоннинг юзи бироз қизарганди.

– Ҳозирча хабардор қилмаганимиз дуруст.

– Унда биз ҳам жўнаймиз. Ҳамидни ўзимиз ушлаймиз!

– Бу қалтис иш, – деди изқувар бир зум ўйга толгач. – Олма-Ота бошқа давлат, ўзининг қонунлари бор. Фақат ички ишлар идоралари ўзаро келишиб, тегишли ҳужжатларни расмийлаштиргач, уни қўлга олиш мумкин.

– Унда биз ютқазамиз! – аччиқланди Қоплон. – Бир йўлини қилинг, Ҳамидни ўзимиз ушлаб, бор ҳақиқатни унинг тилидан эшитиб, кейин қонун посбонларининг ихтиёрига топширайлик!

– Барон бизнинг гапимизга кирармикин? – сўради изқувар бироздан кейин.

– Киради! Ахир биз эски қадрдонмиз.

– Унда ҳозироқ Олма-Отага жўнашимиз керак. Лекин сизни олиб кетолмайман. Шу ерда қолиб бизни кутинг!

Қоплон нима дейишни билмай қолди…

– Унда ҳозироқ Баронга қўнғироқ қилиб, сизнинг йўлдалигингизни айтаман!

– Кераги йўқ, у билан ўзим тиллашаман…

* * *

Қўнғироқнинг жиринглаши уч улфатнинг хаёлини тўзғитиб юборди. Уларнинг кўнглидан «Барон келди», деган фикр ўтди. Улфатлар бир-бирлари билан кўз уриштириб олишди.

Ҳамид ўрнидан турди-ю, маст ҳолда Бароннинг кўзига кўринишдан қўрқди.

– Витя, сен оча қол! – деди у шеригига.

– Зарур кептими? Баронга рўпара келсам сўкиш эшитаман.

– Володя, балки сен очарсан?

– Бу менинг хизмат доирамга кирмайди, биродар, ҳар ким ўз вазифасини бажарсин.

Ҳамид остонада бошидаги шляпасини қошигача тушириб, устидаги плашчининг ёқасини кўтариб олган одамни кўриб, юраги шув этди. Унинг юмалоқ, буғдой рангли юзини, қирғий бурнини, кийимлари яшириб турарди. Фақат совуқ ялтираб турган мовий кўзлари кўриниб турарди

– Ким керак сизга? – оғзидан титраб чиққан сўздан Ҳамиднинг ҳаяжонланганини билиш мумкин эди.

– Баронни чақириб беролмайсизми?

– Барон уйда йўқ эди, – жавоб қилди Ҳамид.

– Узоққа кетганми?

– Кетган жойларини бизга айтмайдилар.

– Қачон хабар олай?

– Эрталаб келинг!

– Раҳмат сизга. Хайр!

– Кечирасиз, у кишига ким келди, деб қўяй?! – Ҳамид бу саволни атайлаб берганини меҳмон сезди.

– Яшнар келди, денг, озарбайжонлик дўстингизнинг ўғли, десангиз танийди.

Ҳамид эшикни беркитди…

* * *

Шуҳрат Шарифович икки нафар йигит билан Олма-Отага кечки пайт етиб келишди. Бароннинг уйдалигини билиш мақсадида Элёрни унинг олдига жўнатишганди. У қайтиб келиб, ўртада бўлиб ўтган воқеадан изқуварни хабардор қилди.

– Ҳамид сизни танимадими?

– Танимади-ю, бироқ шубҳаланди. Озарбайжондан, дўстининг ўғлиман, дедим.

– Яхши қилибсиз!

Улар Баронни кутишга қарор қилишди. Ҳамид қайтиб келгач, дўстлар яна яримлаб қолган шишанинг тепасида тўпланишли. Бироз кайфлари ошгач, гап мавзуси хўжайиннинг бойлигига келиб тақалди. Пулнинг исини олган Володянинг ороми бузилганди. Қўлига каттароқ сармоя тушган куни юртига, қариндошларининг ҳузурига жўнашни ўйлаб юрарди.

– Вақт ўтяпти, биродарлар, хаёл сургунча таваккал қилиб, ишга киришишимиз керак. Акс ҳолда бойликдан маҳрум бўлиб қоламиз.

– Шошилма, – деди Витя кафти билан лунжини артиб. – Ҳамид пулни кўрганига ҳали бир ҳафта бўлгани йўқ. Хўжайиннинг хаёлидан кўтарилсин, акс ҳолда биздан шубҳаланиши муқаррар. Нима дединг, Ҳамид?

– Ақлли одамсан-да, Витя. Шу муштдек каллангдан ақлли фикрлар чиққанига қойилман. Лекин виж-виж ақл тошган калланг билан лўли чолнинг уйида хизматкор бўлиб юрганингга доғман-да, дўстим.

– Демак, яна кутар эканмиз-да, – масхараомуз жилмайиб қўйди Володя. – Тўғриси бу ерда ишлаш жонимга тегди. Рус ўрмонларини соғинганман. Ҳар сафар юртимни эслаганимда, хўрлигим тутиб, йиғлагим келади. Эҳ, Витя, Витя! Қани шаробингдан қуй, юрт соғинчида ёнган юрагимга малҳам бўлсин!

Володя шишани ўзи олди ва қадаҳга тўлдириб арақ қуйди, уни бир симиришда бўшатди.. Газак ўрнига бошидаги кепкасини искади.

Володянинг сўзларини эшитиб, Ҳамиднинг ҳам кўнгли бузилди. Юртини, қишлоғини кўз олдига келтирди. Бошига шундай азобларни солган Баҳром ҳам ўлиб кетди. Володя юртига қайтиш учун пулга муҳтож, Витя қорни тўйганига шукр қилади. Тунайдиган кулбасини Ватан, деб билади. Ундан шу кулбани тортиб олишмаса, ҳайдашмаса бас! Унинг фикрича жасади қаерга қўйилса, ўша ер Ватан!

Ҳамиднинг қўлида озми-кўпми пули бор. Қорни тўқ, усти бут, аммо юраги зада, дили садпора. Юртдан йироқда. Қайтган куни тўрт одамнинг қотили сифатида қамоққа олишади. Икки ўт орасида ёнарди у.

* * *

Бароннинг қўл телефони жиринглаб қолди. Қўнғироқ қилаётган Макар эди.

– Анисанинг яқинларини топдим, – деди қария мамнун оҳангда.

– Қаерда экан? – шошиб сўради Барон.

– Икки ой бурун Жамбулга кўчиб кетибди.

– Манзилини аниқладингми?

– Шаҳарда яшаётганини айтишди. Одамларим ҳозир уни қидиришмокда!

– Мен уни зудлик билан кўришим керак!

– Кўрасан! Одамларим қизни олдингга олиб боришади.

– Раҳмат сенга, Макар, ўлгунимча яхшилигингни юрагимда сақлайман, қадрдоним!

Анисанинг топилиши қариянинг сўниб бораётган умидига мой сепди. Чолнинг сабри чидамай, ўша заҳотиёқ Жамбулдаги танишларига сим қоқди. Улар биргина жавоб қилишди:

– Топишга ҳаракат қиламиз!

* * *

Баронни остонада Ҳамид кутиб олди.

– Сизни боягина бир нотаниш йигит сўраб келувди, хўжайин, – деди унинг йўлига пешвоз чиқаркан.

– Ким экан? – чол тўхтади ва хизматкорининг кўзларига тикилди. Юрагидан бир нима узилиб тушгандек бўлди.

– Исмим Яшнар, озарбайжонлик дўстларининг ўғлиман, деди.

– Яшнар дедингми? – Қария хира тортиб қолган хотирасини қанчалик титкиламасин, Яшнар исмли танишини эслай олмади.

– Озарбайжонда менинг Яшнар исмли танишим йўқ! – деди ўзига-ўзи гапиргандек. Бироқ унинг ороми бузилганди. «Ҳойнаҳой, милиииядан бўлса керак», деган ўй миясига михдек санчилди. «Уларнинг шунақа найранглари бўлади. Ўзларини гоҳ таниш, гоҳ туғишган қилиб кўрсатишади». Бароннинг юрагига ғулғула тушганди. У уйга кирмади.

– Мени сўрашса иш билан кетганимни айт? – деди хизматкорга юзланиб. – Ичкарига ҳеч кимни қўйма!

– Қачон қайтасиз, хўжайин?

Барон Ҳамидга ўқрайиб қаради.

– Хоҳлаганимда!

У ерга тупуриб, орқасига қайрилиб, инламай уйдан чиқиб кетди.

Милицияни эслаганида кўз олдига қизи келганди. Икки кундан бери уни кўргани йўқ. «Қийналиб қолмадимикин? Озиқ-овқати тугаб, оч ўтирган бўлсая, балки у шўрликни мелиса тутиб кетгандир?» Ота юраги ҳар хил ваҳималардан патиллаб, қизининг олдига жўнади.

Барон эшикдаги қулфни кўрганида ваҳимадан гурсиллаб тепаётган юраги андак босилди. Ўзи беркитган қулфини очди. Алёна қоронғи хонада ёлғиз ўтирарди. Уйга кирган падарини оёқ товушидан таниди. Ўрнидан турди.

– Ота!

– Алёна, оппоғим, зерикмадингми?

Улар бир-бирларини бағриларига босишиб, унсиз йиғлашди. Барон қизинипг озиб-тўзиб кетганини қўллари ила ҳис этди. – Қийналдингми, оппоғим?

– Ёлғизлик азоб экан, ота!

– Озгина сабр қил. Кейин уйга қайтасан.

– Мени милиция излаётгандир?!

– Улар сездирмай изингга тушган кўринади.

– Сизга қийин бўлди, ота. Мелисалар сизни ҳам тинч қўйишмайди, деб қўрқаман!

– Хавотир олма, оппоғим, уларга қандай муомала қилишни ўзимни яхши биламан.

Барон титроқ қўллари билан қизининг пешонасини силади. Режасини Алёнага айтишга шошилмади. «Ҳозирча билмай тургани дуруст», деб ўйлади. Анисани тополмаса, қизи ноумид қолади.

– Ота, балки ўзим мелисага борганим маъқулмикин?

Кутилмаган саволдан кекса Барон қалқиб тушди. У ялт этиб қизига юзланди. Ним қоронғу хонада Алёнанинг кўзларида ёш кўрди. Отанинг юраги баттар эзилди.

– Айбимга иқрор бўлсам, суд менга енгиллик берар.

– Ундай қила кўрма, оппоғим. Сенинг турмада ўтиришинг мен учун иснод! Шу пайтгача мағрур яшадим, ҳеч кимнинг олдида тилим қисилмади, бошим эгилмади. Кексайганимда шарманда бўлишни, бошим кўксимга осилиб тушишини истамайман! Агар мен ўйлаган режа амалга ошса, сен ҳам бошингни баланд кўтариб юришинг мумкин, оппоғим!

Барон қизинипг олдида узоқ ўтирди. Ўз қўли билан унга овқат едирди. Шунда қизининг гўдаклик чоғлари эсига тушди. Болалигида ҳам уни ўзи овқатлантирарди. Алёна шўх ва ўйинқароқ эди. Отасининг тиззасида овқатланишни хуш кўрарди. Шуларни эслаганида Бароннинг кўзига ёш келди.

– Энди кетинг, ота, – илтимос қилди Алёна деразадан оқариб келаётган тонгни кўриб. – Ҳали замон кун ёришади. Бу ерга келганингизни одамлар кўрмагани яхши.

Барон ўрнидан турди. Титраётган лабларини қизининг пешонасига босиб, у билан сўзсиз ҳайрлашди. Қария остонага егганида, ортига қайрилди. Икки қадам нарида, қўлларини осилтириб, бошини эгиб турган қизи кўзига жуда ҳам ғалати ва ғариб кўринди. Назарида у аввалги Алёнага мутлақо ўхшамасди. Сочлари оқариб, юзлари буришиб, пешонасига ажинлар из солгандек эди. Уни сўнгги бор кўриб тургандек, эшикни ёпса абадий йўқотиб қўядигандек туюлди. Бароннинг ўпкаси шишиб кетди ва ўзини қўлга ололмай ерга тиз чўкди-ю: «Алёна, қизим», деб ўкириб, йиғлаб юборди. Бошини чангаллаб, ичидан отилиб келаётган ўкирикни тўхтатолмай ҳўнграрди. Қиз ҳам отасини сўнгги маротаба кўраётгандек, остонадан ҳатлаб ўтса, бир умрга йўқотиб қўядигандек ўзини унинг иссиқ ва меҳрга тўла қучоғига отди. У ҳам йиғлаб юборди.

* * *

Эртаси куни Элёр Бароннинг эшигини тақиллатди. Бу гал Витя чиқди. У Бароннинг яқиндагина келганини ва дам олиш мақсадида хонасига кириб кетганини айтди.

– Сиздан илтимос, уйғотиб юборсангиз, мен жуда зарур иш билан келгандим, – деди худди иши ҳақиқатдан ҳам зарурдек типирчилаб.

– Уни уйғотишга менинг ҳаддим сиғмайди, уришиб беради!

– Мен олиб келган хушхабар сизни бундай жазодан сақлаб қолади!

Хизматкор ноилож хўжайиннинг хонаси томон юрди. Бироз ўтиб Барон уйқусираган кўзларини ишқалаб, деразадан бошини чиқарди. Эшик олдида турган йигигни танимади. «Мелисадан бўлса керак», деган фикр вужудини титратиб юборди.

– Менда нима ишинг бор?

Элёр унинг олдига келди.

– Салом!

– Кимсан?

– Мени «Тилла йигит» жўнатди, – деди паст овозда.

Бароннинг юзига қизиллик югурди.

– Ичкарига кир!

Меҳмон кирди.

– Сени илгари кўрмаган эканман, исминг нима?

– Элёр! Илгари келганман, эсингиздан чиқаргандирсиз-да?

– Икки-уч кун аввал Анвар келувди, сен нимага келдинг?

Элёр орқа-олдига қараб, овозини боягидан пасайтириб деди:

– Жуда муҳим иш билан келдим, амаки…

– Қандай муҳим иш экан?

– Қоплоннинг бошига мусибат тушди…

– Мусибат?

– Шундай…

– Икки уч-бор телефон қилдим, олмади…

– Олдингизга ёрдамчисини жўнатган.

– Қаерда?

– Меҳмонхонада, сизни кутяпти.

– Нега ўзи келмади?

– Бу ерга келолмайди. Сизнинг боришингизни илтимос қилди.

– Мен ҳозир!

Барон ўрнидан турди ва кийиниб ташқарига чиқди. Улар меҳмонхонага етиб келишди.

– Уйингизда Ҳамид исмли йигит яшаркан, – деди Шуҳрат Шарифович Барон билан саломлашиб бўлгач.

– У хизматкорим.

– Ўша йигит бизга керак бўлиб қолди.

– Уни сенга беролмайман.

– Нега? – ажабланди изқувар.

– Ишларимни ўша бошқаряпти!

Шуҳрат Шарифович бўлиб ўтган ишлар ҳақида Баронни хабардор қилди. Лўли чолнинг қошлари чимирилди.

– Ахир улар қалин дўст эдилар-ку? – деди изқуварнинг таъсирли ҳикоясини тинглаб бўлгач.

– Ҳа, улар сиз айтгандек қалин дўст эди. Аммо одамнинг ичини билиб бўлмас экан. Қоплонбекнинг обрўсини тўкиш учун ўзи содир этган бир қатор жиноятларни унинг зиммасига ағдаришга уринди. Йигитларининг иккитаси терговда. Шаҳардагилар Қоплонбекка шубҳа билан қарашмоқда. Уни ва одамларининг ҳақлигини исботлаш учун Ҳамид бизга ҳаводек зарур.

– Мен уйимда илон сақлаётган эканман-да. Унинг қонхўрлигини билмас эканман, – афсусланди чол бошини чайқаб. – Омборхонани, уйимнинг калитларини қўлига топшириб қўйганман. Ҳозироқ бориб уларни тортиб оламан!

– Бундай қила кўрманг, – деди Шуҳрат ака Барон худди кетиб қоладигандек унинг тиззасига қўлини қўйиб. – У шубҳаланиб қолиши мумкин. Қочириб юборсак, қилган ҳаракатларимиз чиппакка чиқади. Озгина сабр қилинг! Ҳеч нарса билмаган одамдек юраверинг!

– Бу гапларни эшитгандан кейин тоқат қилолмайман! Юрагим қандайдир нохушликни сезяпти. Назаримда, уйимдаги бор бисотимни ўғирлаб, қочиб кетадигандек туюляпти.

Изқувар Баронни зўрға тинчлантирди. Шундан кейим кекса лўли ҳам ўз бошига тушган мусибатни унга ҳикоя қилиб берди.

– Яқинда Ризо Маҳмудни бу ерга жўнатган экан, – дея сўз бошлади чол. – Мен Москвада эдим. Алёна у билан учрашибди. Ўртамиздаги қарзни қайтаришни талаб қилибди. У эса қизимга тегажоқлик қилибди. Алёна бундан қаттиқ ғазабланиб, уни отиб ўлдирибди. Ҳозир бутун шаҳар алғов-далғов.

– Яхши иш бўлмабди. Унинг милициядан қочиб юриши менимча тўғри эмас, ўз ихтиёри билан тергов идорасига борса, бўлиб ўтган воқеаларни гапириб берса, енгиллик беришади. – деди изқувар кекса лўлига ачиниб.

– Мен қизимнинг пешонасига қотил деган тамға босишларини истамайман! Алёна менинг якка-ю ягона фарзандим. Бундан ташқари Барон, деган номим бор!

– Маслаҳатимни тўғри қабул қилсангиз яхши бўларди.

– Ҳамидни қачон олиб кетасан? – сўради чол изқуварнинг сўзини эшитмагандек.

– Бугун!

– Йўқ, икки-уч кун тоқат қиласан!

– Нега?

– Қўлида анчагина ҳужжатларим бор! Банк билан боғлиқ ишларни у олиб боради. Янги одам топишим, ҳужжатларни расмийлаштиришим керак.

Изқувар чолнинг таклифига эътироз билдиролмади.

– Сиздан яна бир бор ўтиниб сўрайман, амаки, Ҳамид билан аввал қандай муносабатда бўлган бўлсангиз, биз олиб кетгунча шундай муносабатда бўлиб туринг!

Барон қўлини чўзди.

– Хотиржам бўл!

* * *

Жиноят қидирув гуруҳи ходимлари Алёнанинг изига тушишганди. Меҳмонхонанинг уч юз эллик биринчи хонасида содир этилган қотилликда унинг қўли борлиги аниқланганди. Марҳум хонасидаги идишларда қолган бармоқ излари, қўл телефондаги рақамлар, пастки қаватдаги гувоҳларнинг кўрсатмалари қотиллик Алёна томонидан содир этилган, деган қарорга келишга асос бўлганди. Изқуварлар жиноятчини лўлилар яшайдиган мавзелардан суриштира бошлашди. Ҳатто Бароннинг уйини кузатувга олишди. Лекин тез орада бу ерда қизнинг яшамаслигини билишиб, ҳафсалалари пир бўлди. Улар гумондорни «эри билан Чеченистонга қочиб кетган», деган хулосага ҳам келишганди.

Алёна қотилликни содир этганидан сўнг уйига қайтиб келиб, Қодирга бўлиб ўтган воқеани гапириб берганди ва уни зудлик билан ўз юртига жўнаб кетишга кўндирганди. Шундай қилганда милицияни чалғитиш мумкин, деб ўйлаганди.

Бароннинг юраги ёнарди. Ўйлаган режасини тезроқ амалга оширишга, шу йўл билан қизини қамоқдан сақлаб қолишга шошарди. Гарчи лўлилар бошлиғининг ваъдасини олган бўлса-да, бунга қаноат қилмай, Жамбулдаги лўлиларнинг етакчисига кун ора сим қоқиб, Анисани тезроқ топишда ёрдам беришини илтимос қилди. Барча лўлилар уни излашга тушишди. Бироқ улар қизнинг ўнлаб исмдошларини топишган бўлишса-да, уларнинг бирортаси Барон таърифлаган қизга ўхшамасди. Бирининг ёши, бошқасининг афти-ангори тўғри келмасди. Ниҳоят, юқорида бизга маълум бўлганидек, Макарнинг одамлари Жамбулдан Анисани топишганини Баронга маълум қилишди.

– Уни зудлик билан олдимга жўнатинглар, – илтимос қилди Барон.

Лўлилар ўша куниёқ қизнинг қўлига пул тутқазиб, машинага ўтқазишиб, Бароннинг ҳузурига жўнатишди.

Тонг саҳарда Анисани Бароннинг ўзи кутиб олди. У қизни машинадан тушиб келаётгандаёқ таниди. Юраги патиллаб ура бошлади. Унинг нафақат чеҳраси, балки бўйи-басти, юриши ҳам фарзандига жуда ҳам ўхшарди.

– Нега мени кутиб олиш учун Алёнанинг ўзи чиқмади? – йўлга чиқишганда сўраб қолди Аниса.

– Бунинг сабабини борганингда ўзи гапириб беради, қизим, – деди кекса лўли.

Улар уйга етиб келишди. Аниса ўзининг ёшлик чоғлари ўтган Бароннинг ҳовлисини дарров эслади. Бироқ уни кутиб олиш учун ичкаридан Алёнанинг чиқмаганидан баттар таажжубга тушди. Барон унинг дилини ранжитмаслик мақсадида кечирим сўради. Бўлиб ўтган воқеаларни ипидан игнасигача гапириб берди. Аниса қариянинг сўзларини диққат билан тинглади.

– Мен аввал дугонам билан кўришсам, – деди қиз. – Бўлиб ўтган ишларни сўраб-суриштирсам. Воқеани қанчалик яхши билсам, терговда жавоб беришим шунчалик осон бўлади.

– Албатта, сени Алёна билан учраштираман. Истасанг, ҳозироқ унинг олдига бошлаб бораман!

– Лекин мен бекордан-бекорга қизингизнинг айбини бўйнимга олмайман, – деди Аниса қариянинг сўзини кесиб.

– Қандай шартинг бор? – сўради Барон. У қизнинг барча таклифларига, оғзига сиққан пулни ҳозироқ қўлига тутқазишга шай турарди.

– Биринчи шартим, – дея гап бошлади Аниса. – Шу шаҳардан менга уч хонали квартира олиб берасиз.

Уч хонали уйнинг баҳоси қанча туришини Барон яхши биларди. Аммо ҳозир уйнинг қиймати чолни қизиқтирмасди. Кўз олдидан бир неча кундан бери ташқарига чиқмай, қоронғу кулбада беркиниб ётган бечора қизининг озиб-тўзиб кетган юзи кетмасди.

– Таклифинг қабул қилинди, – деди Барон бироздан кейин.

– Иккинчи таклифим, – давом этди қиз. – Ҳозироқ банкда менинг ҳисоб рақамим очилиб, йигирма минг доллар қўйилиши шарт!

Барон ўрнидан туриб кетди. Биринчи шартга бир амаллаб рози бўлганди. Иккинчиси ошиб тушди. Анисадан бундай талабни кутмаганди. «Нари борса, икки-уч минг доллар сўрайди», деб ўйлаганди.

– Буниси ортиқча, қизим, – Барон қўлларини ёйиб норозилигини билдирди. – Мени тириклай хонавайрон қиласан. Бу пуллар билан терговчини сотиб олиб, қўзғатилган жиноят ишини ёпса бўлади.

Janr və etiketlər
Yaş həddi:
0+
Litresdə buraxılış tarixi:
02 noyabr 2023
ISBN:
978-9943-4051-3-4
Müəllif hüququ sahibi:
Kitobxon